Турли маълумотномаларни ўқиб берар экан, Қичқироқ титраган овози билан исботлаб берардики, энди уларда, Жонс замонасиникига қараганда, дон ҳам кўп, пичан ҳам кўп, лавлаги ҳам кўп, улар кам ишламоқдалар, узоқ яшамоқдалар, ичимлик сувининг сифати ошган, болалар ўлими кескин камайган ва энди катакларда пичан аввалгидан кўра кўп ва уларни пашша ва сўналар олдинги даражада безовта қилмаяпти. Ҳайвонлар унинг ҳар бир сўзига ишонардилар. Очиғини айтганда, Жонс ҳам, унга боғлиқ тафсилотлар ҳам жониворларнинг хотирасидан деярли ўчиб кетаёзганди. Улар билардиларки, оғир ҳаёт кечирмоқдалар, тез-тез очлик ва совуқ исканжасида қолмоқдалар, уйқудан бошқа қолган барча вақтларда меҳнат қилмоқдалар. Бироқ, ҳеч бир шубҳасиз, аввал бундан ҳам ёмон эди. Улар бунга шаксиз ишонар эдилар. Бунинг устига, улар аввал қуллар эдилар, энди эса озод ва мустақилдирлар, масаланинг моҳияти айнан шундайлигини маънавиятчи чўчқа Қичқироқ тинмай таъкидларди.